Эртага “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бошланади

Эртага “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бошланади

21.04.2021, 21:03

    Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.

    Эртага, 22 апрель куни ушбу форумнинг очилиш тадбири ва кун тартибидаги сессиялар бўлиб ўтади.

    Форум ҳақида қисқача яна бир тушунтириш бериб ўтсак.

 

Форумни ташкил этишдан мақсад нимада?

    Форумнинг мақсади — ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдан иборат.

 

Форумда кимлар иштирок этади?

    Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари иштироки кутилмоқда. Хусусан, Сингапур адлия вазири Касивисванатан Шанмуган, Россия адлия вазири Константин Чуйченко, Буюк Британия адлия вазири Лорд Дэвид Вольфсон, Япония адлия вазири Ёко Камикава, Корея Республикаси ҳуқумат қонунчилиги вазири Ли Кан-Соп, Қозоғистон адлия вазири Марат Бекетаев, Озарбайжон адлия вазири Фикрат Фаррух ўғли Мамедов, Беларусь адлия вазири Олег Слижевский, Шри-Ланка адлия вазири Али Сабри.

    Шунингдек, tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали 100 нафарга яқин суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар рўйхатдан ўткан.


Форум сессияларида қандай мавзулар муҳокама қилинади?

    Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, Корновирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш (policy implementation), судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган

    Бундан ташқари, форум давомида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Шунингдек, “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс бўлиб ўтади.

 

Форум қайси тилда бўлиб ўтади?

    Форумнинг асосий тили ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.

 

 Иштирокчиларни рўйхатга олиш тартиби қандай?

    Форум офлайн ва онлайн шаклда бўлиб ўтади.

    Офлайн иштирок этиш учун тасдиқланган иштирокчиларни рўйхатга олиш эрага,  22 апрель куни соат 8:00 да бошланади ва соат 9:20 га қадар давом этади.

 

    Форумнинг очилиши тадбири ҳамда ялпи мажлис соат 9:30 да бошланади.

 

    Форум тадбирлари COVID-19 чекловларини қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Tashkilotchi

Minjust

Hamkorlar