Ўтган йилдаги ёрқин воқеликлар ичида биринчи “Тошкент ҳуқуқ баҳори” - “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми муҳим жой эгаллай олди.
Форум нафақат Ўзбекистон тарихида, балки Марказий Осиёда илк маротаба ташкил этилди.
“Ҳуқуқ – жадал модернизация даврида” мавзуси форум иштирокчиларининг муҳокама марказида бўлди. Дунё ҳуқуқшуносларини бирлаштирган тадбирда “Давлат ва жамиятнинг жадал ўзгариш даврида ҳуқуқ қандай бўлиши керак?”, деган саволга жавоб изланди.
Австралия, Канада, АҚШ,Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби 40 дан зиёд мамлакатдан қатнашган 250 нафар хорижий иштирокчи, мингга яқин миллий мутахассислар 3 йўналишда, яъни “Сифатли давлат бошқаруви”,“Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш”, “Фаол инвестициявий сиёсат” йўналишларида ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.
Форум доирасида “Йилнинг энг яхши адвокати”, “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси”, “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” каби номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.Форумда ўз соҳасининг профессионаллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан билдирилган тавсиялар ва икки томонлама учрашувларда эришилган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.
Жорий йилда иккинчи “Тошкент ҳуқуқ баҳори” давом этади, албатта.Навбатдаги форумни 2020 йил апрель ойида ўтказиш белгиланди. Хўш, бу йилги форум ўтган йилгисидан қандай фарқ қилади?Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, бу сафар форумга “Ҳуқуқ — иқтисодий тараққиёт воситаси сифатида” шиори бош мавзу сифатида кўриб чиқилмоқда.Бундан кўзланган асосий мақсад — иқтисодиётнинг ўзгарувчан даврида ҳуқуқ қандай бўлиши керак ёки иқтисодиётни ривожлантиришда ҳуқуқнинг кўмаги қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб топиш.
Нима учун ҳуқуқий тадбир номи иқтисод билан боғланмоқда?
Бунинг асосий сабаби — сўнгги йилларда иқтисодиётимизда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда.Аммо, иқтисодий қонунлар, уларнинг амал қилиш принциплари ва усуллари, иқтисодиётни бошқаришнинг замонавий талабларига жавоб бермайди.Демак, навбатдаги Форумнинг асосий мақсади — бугунги жадал глобаллашув даврида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга қаратилади. Иқтисодий ривожланишнинг сўнгги тенденциялари ва инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларида ҳуқуқнинг роли, фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА